Урганчда турар-жой нархи кўтарилмоқда 16.08.2006 22:29 msk Довуд Сулаймон Кейинги пайтда Урганч шаҳрида турар-жой нархи борган сайин кўтарилиб бораяпти. Бундан уч-тўрт ой илгари 3 хонали квартира 3 минг доллар турса, эндиликда шундай ҳажмдаги квартирани 7-8 минг долларга сотиб олиш мумкин. Агар бино ғиштдан қурилган ва шаҳар марказида жойлашган бўлса, нарх янада баландлашади. Айникса, биринчи қаватдаги квартиралар нархи осмонда. Бундай ҳудудларда 2 хонали квартиранинг ўзи 10-12 минг долларга баҳоланади. Уларни тиш докторлари, дўкондорлар ва фирма раҳбарлари офис учун сотиб оладилар. Уй-жойларнинг қимматлаб кетишига асосий сабаблардан бири банкларда жисмоний шахслар томонидан қўйиладиган омонатларга тўланадиган фоизнинг камайиб кетганидир. Илгари омонатларга тўланадиган ойлик фоизлар 3-5 фоиз атрофида бўлса, ҳозир уларнинг миқдори атиги 1-1,5 фоизга тушиб қолди. Бундан ҳафсаласи пир бўлган аҳоли банкларга қўйган пулларини қайтариб олиб, кўчмас мулкка урди. Ҳовли-жойлар ва кўп қаватли уйларда жойлашган квартираларни сотиб олиш авжига чиқди. Сотиб олинган кўп квартираларда эгаси яшамайди. Кўпчилик ҳолларда улар турар-жойга муҳтож оилаларга ижарага берилади. Ижарачи уй эгасига ҳар ойига ўртача 30-35 минг сўм миқдорида ижара ҳақи тўлайди. Уй эгаси кўпрок пулга зарурат сезса, квартирани яна кимгадир сотади. Шуни айтиш керакки, турар жойни ҳужжатлаштириш анча мушкул. Уни расмийлаштириш учун камида 9 жойдан маълумотнома тўплаш талаб қилинади.
|