Юлдуз Усмонова: "ЎЗБЕКИСТОН, ҚАНДАЙ БЎЛСАНГ, ШУНДАЙ СЕВАМАН!" Бир дақиқа ҳам тиниб билмай ишлайди, ўй-ҳаёли қадрдон халқининг дардини куйлашда, ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди, маслаҳатларини аямайди, кези келганда аччиқ бўлсада, хақиқатини айтади. Ушбу таъриф санъатимизнинг куюнчак ижодкори Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага тегишли. Биз бу санъаткорни ўта тигиз иш жараёнида учратишга муваффақ бўлдик. Янги альбом, янги тароналар, янги клиплар, навбатдаги концертга тайёргарлик, хуллас доимгидек Юлдузхонимга ярашадиган ҳаракатлар уммони. - Суҳбатларингизнинг бирида мен биринчи ўринга ижодимни қўяман деган эдингиз. Оилачи, зеро аёл учун энг муҳими шу эмасми, ижодни олдинга чиқарганингизга афсусланиб қолмайсизми? - Албатта аёл учун оиланинг нечоғли муҳим эканлигини ҳар биримиз биламиз. Аёл оиласини ўйласа, унга маънавий озуқа бўлиши керак. Лекин мен юқоридан берилган неъмат - санъатимни факат тўйма-тўй юриб пул ишлаб, қолган пайтларда оилам билан бўламан десам, текинхўр, ошхўр ижодкорга айланаман-ку. Уйда аёл киши бўлиб ўтирсам, халқнинг эътибори ва эътирофини қандай қилиб оқлайман? 20 йил саҳнада қандай қилиб Юлдуз Усмонова бўлиб туришим мумкин? Шундай экан, санъатимни биринчи ўринга қўйишим хато эмас, зеро ишни севиш керак. Меҳнат ҳам ибодат дея бежиз айтишмаган. Бу билан оиламдан бутунлай воз кечиб юбормаганман. Ишимни севганим учун болаларим хам шу тарбияни олаяпти. - Йил охирлаб бораяпти, сизнинг шу йил ҳисобидаги иккинчи альбомингиз ҳам тайёр. Нима учун номи айнан "Ўзбекистон, қандай бўлсанг шундай севаман"? - Бу галги альбомим турли тиллардаги тароналар, хусусан араб, турк, татар, қозоқ, уйғур тилларидаги қўшиқлардан иборат. Орасида ўзимизнинг она тилимизда яратилган қўшиқлар бор, кўп йиллардан бери ичимда сақланиб, худди янги чақалоқдай дунё юзини кўрган таронам - "Ўзбекистон қандай бўлсанг шундай севаман" альбомдан асосий ўринни эгаллади. Шу сабабли ҳам ушбу номни танладим. Бу тарона халқимиз мендан байрамларда кутган қўшиқ бўлса не ажаб. - Мухлисларга тақдим этаётган "Ўп" қўшиғига ишланган клипда сизни келин кўйлакда кўраяпмиз. Бу шахсий ҳаётингизнинг видео тасмасидаги бир ифодаси эмасми мабодо? - Тўғри, клипим шахсий ҳаётимга мос келиб қолди. Бу ғояни атайлаб ўйлаб топмадик, балки режиссёримизнинг таклифи бўлди. Шахсий ҳаётимда ўзгариш бор, қалбимда хақиқий мухаббат жўш ураяпти, эскиларини тарихда колдириб, янги севги билан яшаяпман. Менга нисбатан Юлдуз Усмонова бўлганим учунгина туғилган сохта мухаббатнинг кераги йўқ, аёллигим, инсонлигимни севишсин дейман. Севиб-севилиш яхши, акс ҳолда ҳаёт тўхтаб қолгандай бўлади. Назаримда, аёл киши доимо керак бўлиши лозим. Биласизми, мен хаммадан гўзалман, орқамдан югурадиганлар кўп деб мақтаниб ноз қиладиган қизлар аслида ёлғиз бўлишади. Аёл аёллигини сақлаб қолса дейман. Саҳнадаги бир хил санъаткорлар мендан чиройлиси йуқ, деб ўйлашади. Ваҳолангки, қишлоқларимизда шундай соҳибжамол қизлар борки, саҳнадаги барча санъаткорларни йиғса хам уларнинг чиройига ета олмайди. Майли, ортимдан ғийбат қилишаверсин, лекин менинг юрагим мухаббат учун яралган. - Аёлнинг гўзаллиги… - Иффатида. Аёл ҳар маънода эркагидан бир погона паст юриши керак. Лекин эл назаридаги аёлга бунга тўлиқ риоя килиш қийин. Менимча, бугунги мухаббатим хақиқийроқ. Катта тўй қилиб хаммангизни чақирардиму, лекин вақтим йўқ-да (мириқиб кулади). Кичиккина даврада тўй қилиш ниятимиз бор. Ҳаётим мана шундай доимо қайнайди. - Хорижда гастролларда куп бўласиз. Чет эллик мухлиснинг ўзбек мухлисидан фарқи ва устунликлари нимада? - Фарқи ер билан осмонча. Мухлис ҳар бир жойда мухлис, лекин чет элдагилар сизга янгиликка қарагандай назар солишади. Европада қанчалик кўп мени олқишламасин, улар учун мен "экзотикаман". Бизнинг ўзбек халқи эса машҳур бўлсанг эмас, дилига тушсанг, сени ахтаради. Шу боисдан мухлисимиз қарсагининг озгинаси ҳам хаққонийдир. Оз бўлса-да, ширин. Лекин халқимизнинг эътирофини қозониш хам осон эмас. - Сизнингча, бизнинг шоу-бизнесимизга нималар етишмайди? - Бу мавзуни соатлаб давом эттириш мумкин. Лекин шуни айтишим мумкинки, санъат ҳали ҳам ўсиб келаяпти, шундай экан ҳали маълум бир хулосалар ясаш ёки натижасидан хурсанд бўлишга эрта. Камчилигимиз хонандаларимиз жуда тез осонлик билан ўсиб бораяпти, биз эса уларни сунъий гормонлар билан таъминлаб турибмиз. - Машхур санъаткорнинг саҳнадан ўз обрўси билан кетиши деган тушунча бор. Сиз ҳаётингиздаги бу вазиятни қандай тасаввур қиласиз? - ўзига қолса, унча-мунча одам санъатдан кетмайди. Лекин нима бўлганда хам тақдир. Саҳнани ташлаб кетиш осон эмас. Яна бир нарса борки, дейлик Фаррух Зокировга ўхшагани йўқ, у қандай қилиб саҳнадан кетсин. Мухлисга керак бўлиб турган пайтда юлдузлар ўзлари хохлашса ҳам кета олишмайди. Халқнинг ўзи керак эмасини четга чиқариб қўяди. - Алла Пугачёва бош ролни ижро этган "Женщина которая поёт" фильмини кўрганда, ҳеч ҳаётингиз ҳақида кино яратиб кўришни ўйламаганмисиз? - Йўқ. Мен рол ижро этишни яхши кўраман, лекин ўзимнинг ҳаётимни эмас. Тўмарис, Нодирабегим каби тарихий тимсолларни беришса рол ўйнардим. Шуни айтиб ўтиш керакки, ҳозирда режиссёрларимиз санъатни эмас, чўнтагини кўпроқ ўйлаб фильмлар яратишаяпти. - Шоу-бизнеснинг қонун-қоидалари сизнинг шахсий принципларингизга қарама-қарши келиб қолса, сиз уларга бўйсунасизми ёки… - Бўйсунмаганим учундир, хонандалар орасида кўп ҳам қайнамаётгандирман… - Хасаддан қўрқмайсизми? - Жуда қўрқаман. Оёғимнинг тагида менга халақит қиладиган одам худога шукр йўқ. Лекин орқамдан гапириб ғашимга тегадиганлар кўп. Хасадлар туфайли кўп туҳматларни бошимдан кечирдим. Олдимда тилёғламалик қилишни бошлашларидан асл мақсадини тушуниб тураман. Унинг чиройли сўзлари, мақтовлари остида аслида ғаразли мақсадлар ётганини дарров англайман. Шунча шогирдларни кўрдим, лекин уларда "мен" жуда тез пайдо булди. Мени тез эсидан чикариб юборишди. Биргина Дилфуза Исмоиловани шогирдим деб эмасу, синглим сифатида яхши кўраман дея оламан. Унинг одамгарчилигини ҳурмат қиламан. Дилфузага етадиган актриса йўк, буни тан олиш керак. - Бахт ҳақида кўп гапирилган. Лекин сизнинг фикрингизни хам тинглагимиз келди. - Момо ҳавво еб қўйган олмада (кулади). Шу олма ейилмаганда бахтимиз бутунроқ бўлармиди. - Хаж сафарига бориш сизга насиб этди. Айтингчи, у ерда сиз нимани топдингиз? - У ерга борганда қалбингизда оддий гап билан тушунтириб бўлмайдиган ҳис-туйғулар уйғонади. Инсоннинг узи ўзгаради, лекин айнан нимаси ўзгарганини ўзи ҳам билмай қоларкан. Кўпчиликдан у мумкин эмас, бу мумкин эмас деган ўғитларни эшитаман. Менинг туриш-турмушимга қарашмасин, қалбимга назар солишсин. Хаж сафарига ўзимни ўзгартиргани учун эмас, ниманидир ахтариб топиш учун бордим. Зеро, шу кунгача ҳаракатларимдан уялган эмасман. Излаган ҳақиқатимни - Оллохга бўлган мухаббатимни топдим, худога шукр. Тавба қилганингиздан кейин инсон атрофга диққат билан назар солиб юрадиган, ҳаракатларини тарозига соладиган бўлиб коларкан. Баъзи тақводор аёлларни тунд, хумрайган ахволда кўраман, ваҳоланки кулгу хам катта эҳсон экан. Шундай экан, азиз бекажонлар, онажоналаримиз, аёлларимиз, қизларжон, оламни табассумимиз билан мафтункор этайлик! Суҳбатдош НОДИРАХОН Шархлар(11) Исмингиз:zuhra 13.12.2006 в 11:12 Yulduz opa.men sizni qo'shiqlaringizni judaham yaxshi ko'raman.sizga ulkan muvaffaqiyatlar tilayman Исмингиз:malohat 07.12.2006 в 16:12 Assalomu alaykum Yulduz opa sog`lingiz yahshimi. Meni sizga savolim bor. 1.Sa'natni qiyinchiligi nimada deb o`ylaysiz/ 2. Orzuvingizdagi qo`shiqni ayitingizmi/ 3 Sa'anatkor bo`lish uchun ko`p qiyinchiliklarni boshida o`tkazishi kerak. Yulduz opa sa'natkor bo`lish uchun ko`proq esdedod kerakmi yoki mablag` kerakdeb hisoblaysizmi. Исмингиз:Hurshid 06.12.2006 в 14:12 Yulduz opa intervyu uchun rahmat, ishlaringizga omad.Kizingizni,nabirangizni boshlariga sog buling,giybatchi,hasadguylarga kelsak oliy hakam Olloh... Hurmat ila Hurshid J.Korey Исмингиз:Носир 02.12.2006 в 12:12 Yulduz opa ishlaringizga doima rivoj tilayman. O'zingizni ham, qo'shig'ingizni ham san'atingizni ham barchaga birday yoqimli bo'lishini olloh bardavom aylasin. Juda ham ashaddiy muhlisingiz N O S I R. Исмингиз:lola 01.12.2006 в 07:12 Men Yulduz Usmonovani har kanday holatida va har kanday vaziyatda ham juda yaxshi koraman. San`atni u siz tasavvur kila olmayman! Va bu fikrimga qoshiladiganlar Ozbekistonda juda kopchilikni tashkil qilishiga ishonchim komil. Gapirayotgan har bir gaplaridan hakikat , samimiylik ufurib turadi. Yulduz Usmonovani hoh intervyularda bolsin, hoh konsertlarda bolsin hech qachon tilyoglamalik qilayotganini kormaysiz. Hakikiy san`at fidoiysi, mard ayol! Ularga katta baht tilayman. Qoshiklari baralla yangrayversin! Hozir men chet eldaman. Shu sayt orqali chet elliklarga Yulduz Usmonovaning qoshiklarini, kliplarini namoyish kilyapman. Hatto Talabalarga uning qoshiklariga raqs tushishni ham orgatib koydim. Ozbegimning shunday san`atkori bilan faxrlanaman. Shu fikrlarimni ularga yetkazib koyishingizni iltimos kilaman. Yulduz Usmonovani ozbek halki chin dildan sevadi. Intervyuga kelsak juda samimiy ajoyib suhbat bolibdi. Shunday suhbatlar koprok bolsin
|