Олисдаги олов тафти ёки байрамдан байрамгача Бунёд Бек Мақсад - ёшларни буюк аждодлар ва тарихий ёдгорликлардан ифтихор руҳида тарбиялаш ҳамдир Бугун Ўзбекистондаги мафкуравий ва маданий ҳаётга назар солсак, худди байрамдан байрамгача яшаётганга ўхшаймиз. Мустақиллик байрамига тайёргарлик олти-етти ой аввал бошланади ва байрамдан сўнг унинг тафти яна бир-икки ой давом этади, телевизорда қайта-қайта такрорланадиган байрам концертлари ва омма таассуротлари шаклида. Сўнг Наврўз байрами ва ҳоказо. Кейинги йилларда байрамдан байрамгача бўлган оралиқ бошқа, янада ҳашаматлироқ воқеалар, тарихий саналарни нишонлаш билан тўлдирилмоқда. Қаршининг 2700 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг минг йиллиги юбилейи. Матбуотда ҳалигича ана шу тарихий тадбирлардан олинган улкан таассуротларни ёритиш давом этаётир. Хорижлик олимлар, фан ва маданият арбобларининг таассуротлари алоҳида эътиборда. “Юбилей акс-садоси ер куррасини кезмоқда,” дея хабар беради рўзномалар, раидо ва телевидение. Қарши юбилейи олдидан шаҳар деярли қайта қурилди. Ҳашаматли коллежлар, тенги йўқ спорт ва дам олиш масканлари, кенг ва равон кўчалар, бу ернинг иқлимида парваришлаш машаққатли бўлган палма ва арчалар. Ҳали олдинда Марғилоннинг икки минг йиллик тантаналари. Унга тайёргарлик ва ободончилик ишлари ҳозирда кенг ёритилмоқда. Бу тарихий саналарни нишонлаш арафасидаги улкан ҳажмли қурилиш ва таъмирлаш ишлари бир томондан Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий юксалишини кўрсатишга қаратилган бўлса, иккинчи томондан ёшларни “буюк аждодлар ва тарихий ёдгорликлардан руҳланиб, улардан куч-қувват олишга” ундашдир. Ушбу мавзудаги бир телевизон суҳбатда талаба ёшлардан бири том маънода жиғибийрон бўлганди: “Нега биз уларнинг (Европа, Америка) тарихини дарсликларда ўрганишимиз керак? Улар бизнинг тарихимизни ўргансин!” Ўзбек журналистларидан бири Маъмун академияси юбилейидан кейин дунёдаги энг биринчи аёллар академияси ҳам Ўзбекистонда яратилгани, бу борада ҳали ўрганилиши лозим бўлган кўп тарихий манбалар борлигини айтиб, агар бу исботланса, оламшумул воқеа бўлишини таъкидлайди. "Ўзбек заминида ўтган буюк алломаларнинг жаҳон фан ва маданиятига қўшган ҳиссаси шаксиз унутилмаслиги лозим, лекин тинимсиз ортга қараш олдинга силжишга халақит беради", дейди бир ўзбек зиёлиси. “Тарихга ўта эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш лозим. Бир аллома тарихни бола қўлига бериб бўлмайдиган пичоққа ўхшатганди. У ўта кескирлиги билан қўлни қонатганидек, онгни ўтмаслаштириши, тўмтоқ қилиб қўйиши ҳам мумкин,” дейди у. Иккинчи ўзбек зиёлиси янада кескинроқ фикр билдиради. “Бу худди олисдаги олов тафтидан исинишга уриниш каби эмасми? Олов бир неча асрлар аввал сўниб бўлган ва бизнинг бугунги ишимиз кўпроқ сўнган олов ўрнидаги кул ичидан тафт қидиришга кўпроқ ўхшаб кетади,” дейди у. Унинг айтишича, миллат юксалиши учун аслида янгитдан олов ёқиш керак. Бунинг учун эса нафақат ўтмишдан фахр-ифтихор туюш, балки илғор фикрлашнинг муҳим омили бўлмиш ўз-ўзига нисбатан танқидга журъат эта олиш керак. Бундай танқидга эса халқнинг кўнглини чўктириши мумкин ёки ўзбек халқининг ғурурини дунё олдида ерга уриши мумкин, дея зинҳор изн берилмаётгандек. Ким билсин, балки шундаймикин...
|