Борат филми айрим халқларни ҳақоратлаши мумкин, деган қарорга келганлар расмийлар Британиялик ҳажвчи Саша Барон Коэннинг шу ой бошида жаҳон кинотеатрларига чиққан янги комедияси Россияда тақиқланган. "Борат: Америка билан маданий танишиш шарафли Қозоғистон халқи учун фойдалидир" дея таржима қилиш мумкин бўлган узундан-узун сарлавҳали филм Россия кинотеатрларида намойиш этиш учун талаб қилинадиган рухсатномани Россия Маданият ва кинематография федерал агентлиги бермасликка қарор қилган. Москвадаги Маданият ва кинематография агентлиги мулозимининг Би-би-сига билдиришича, Боратнинг филми турли миллат ва дин вакилларини ҳақоратлаши мумкин бўлгани учун унинг намойиш этилишига лицензия берилмаган. Россияда Боратнинг янги комедиясини кинотеатрларда намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритган "Гемини-филм" ширкати ҳам рухсатнома олиш сўровига рад жавоби олганини тасдиқлаган, бироқ на Маданият ва кинематография агентлиги, на "Гемини-филм" вакиллари инкор тафсилотларини маълум қилмаганлар. Саша Барон Коэн янги филми унинг Америка Қўшма Штатларига қилган сафарига асосланган. Филмда қозоғистонлик сохта журналист Боратнинг бирор бир нарсадан шубҳаланмаётган америкаликлар билан муомалалари тасвирга туширилган. Америкаликлар олдида Борат атайин жинсий, ирқий таҳқирлайдиган гапларни айтади, яҳудийларни, бесоқолбозларни сўкади. Айрим шарҳловчилар Боратнинг янги комедиясини "одам ўзини кулгидан тўхтатолмайдиган" ва "йилнинг энги кулгили филми" дея баҳоладилар. Бироқ ҳамма ҳам британ ҳажвчисининг янги филмини ҳазил сифатида қабул қилаётганлари йўқ. Айниқса Қозоғистон расмийларига ўз мамлакатининг ўта қолоқ бир мамлакат сифатида тақдим этилаётгани маъқул тушмади. "Борат: Америка билан маданий танишиш шарафли Қозоғистон халқи учун фойдалидир" филмини Лондондаги тақдимотида томоша қилган Қозоғистоннинг Британиядаги элчиси Эрлан Идрисов филм Қозоғистондаги реалликни бузиб кўрсатган, деб атаган. Бироқ бошида Саша Барон Коэннинг сохта қозоқ журналисти сифатидаги чиқишини оғриқли қабул қилган Қозоғистон расмийлари бугунга келиб тоқатли муносабат қилаётганларини кузатиш мумкин. Боратнинг филмлари Қозоғистонни мамлакат расмийларининг ўзларидан ҳам кўра кўпроқ машҳур қилаётганини тан олган Қозоғистоннинг Британиядаги элчиси Эрлан Идрисов "Таймс" рўзномасида чоп этилган мақоласида.
|