Ҳар қандай иш меъёрида бажарилгани яхши, дейди таниқли олим Туркияда таниқли рок қўшиқчисининг Қуръони Карим оятларини ўз ичига олган сўнгги қўшиғи норозиликларга сабаб бўлмоқда. Қўшиқчи Мурат Кекилли "Охир замон" номли қўшиғида муқаддас китобдан икки оят ўқиши ортидан баъзи уламолар танқиди остида қолди. Аммо у Ғарбдаги рок гуруҳлари Инжилдан парчалар ижро этганига ишора қилиб: "мусулмон бўла туриб, ўз китобимдан уялишим керакми?" - дея ўзини ҳимоя қилди. Ислом Қуръони Карим оятларининг қўшиққа солинишига изн берадими? Би-би-си бу ва бошқа саволлар билан ўзбекистонлик таниқли дин олими Обидхон қори Назаровга мурожаат этди. Обидхон қори: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қўшиқда оятларни ишлатиш масаласи туриб турсин, авваламбор Исломда қўшиқ ёки мусиқа масаласи Ислом уламолари ўртасида маълум мулоҳазалар ва ҳатто мунозараларга сабаб бўлган. Аксарият уламолар, жуда кўпчилик уламолар қўшиқ ва мусиқани Исломдан эмас дейишади. Қўшиқнинг мазмун ва моҳияти инсонларни Аллоҳнинг йўлидан, ҳақ йўлдан, ҳалолу покизалик йўлидан чалғитадиган бўлиши керак эмас Обидхон қори Назаров Илло мусиқага рухсат берилган ўрни бўлади. У нарса ҳайит байрамларида, шодиёналик кунларида ва никоҳ тўйида чекланган миқдорда, маълум шартларга биноан рухсат этилади. Би-би-си: Бу шартлар нималардан иборат: мусиқа асбобларидами ёки қўшиқ айтиш услубидами? Обидхон қори: Мусиқа асбобларига ҳам таалуқли. Қўшиқнинг оҳанги ва унинг сўзи, мазмун ва моҳиятига ҳам қаралади. Қўшиқнинг мазмун ва моҳияти инсонларни Аллоҳнинг йўлидан, ҳақ йўлдан, ҳалолу покизалик йўлидан чалғитадиган бўлиши керак эмас. Мусиқа асбобларига таалуқли жиҳати шуки, ҳар қандай мусиқа асбобини қўллаш мумкин эмас. Бу ерда билиттифоқ, масалан ҳеч қандай ихтилофсиз айтиш мумкинки, дўмбира ва доира билан айтиладиган бўлса, унда жоиз бўлади. Аммо замонавий асбоблар масаласида ундай эмас. Демак, фақат доирадан фойдаланишгагина рухсат этилган холос. Энди бу борада мана "Луқмон" сурасининг олтинчи оятини эътиборга олишимиз керак. Аллоҳ Таъоло айтганки: "Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўзни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордур". Мана шу оят таъбирида одамлар, демак, ҳар хил фикрларни айтганлар. Табарий эса, бу ўринда, одамларни чалғитадиган ҳар қандай нарса, унинг ичида мусиқа ҳам бор, таъқиқлангандир, деган. Ким бўлишидан қатъий назар, агар Қуръон оятларини қўшиқ қилиб, мусиқага соладиган бўлса, бу ҳеч қачон муваффақиятга эришадиган иш эмас. Ким қанча далил келтирмасин, уламолар - улар қайси мазҳабда бўлишларидан қатъий назар - бу нарсани қоралашлари табиий. баъзи инсонлар бу нарсаларни ҳалолга айлантириб олганлар. Улар ҳаром ишни қилаяпмиз, деб айтишмайди Обидхон қори Назаров Би-би-си: Умуман бундай ҳукмнинг чиқарилишига сабаб нима деб ўйлайсиз? Обидхон қори: Энди ҳар қандай ишни ҳам ўз меъёри бўлади. Меъёри билан, тартиби билан бўлган иш фойдали бўлади. Лекин, ҳаттоки ҳалол ишларда ҳам меъёридан ўтиб кетгандан кейин ўша нарса зиёнга айланади, зарарга айланади, ҳаром бўлади. Ҳатто ҳалол покиза овқатни ҳам тўйгандан кейин ейиш зарар, ҳаром дейишган. Мусиқа масаласида ҳам шундай. Уни ҳам Ислом кўрсатган чегарада эътиборли муносабатлар билан, ўринли муносабатлар билан ишлатиш мумкин. Пайғамбаримиз Саллаллоҳу Алайҳи Васаллам: "Замона охир бўлганида одамлар мусиқани ҳалол қилиб оладилар, ароқни ҳалол қилиб оладилар. Ароқни, мусиқани, зинони ҳалол қилиб оладиганлар бўлади," - деганлар. Ҳақиқатдан ҳам, баъзи инсонлар бу нарсаларни ҳалолга айлантириб олганлар. Улар ҳаром ишни қилаяпмиз, деб айтишмайди. Ҳатто, наузамбиллаҳ, ўша фаҳш ишни қиладиганлар ҳам ёки қимор ўйнайдиганлар ҳам бу ишни қилса бўлади, деб ўзларига фатволар тўқиб олишади, ўзларига йўл топиб олишади. Сиз айтганингиз юқоридаги одам ҳам ўз ишини, демак, тўғри деб билаяпти. Нотўғри иш қилаяпман, демаяпти. Исломга, Қуръонга зид келадиган ишни қилаяпман, демаяпти. Мана Библияни шундай қилишади, деб у, қаердан бўлсаям, ўзича ҳужжат ясашга ҳаракат қилаяпти. Аммо у мутахассислар, Ислом олимлари бунга қандай баҳо беришади, деб айтаётгани йўқ.
|