Бунёд Бек "Ўз уйингни ўзинг асра!" шиорини ҳар қадамда учратиш мумкин Бугун Ўзбекистонда долзарб бўлган шиорлар кўп. Уларнинг орасида энг долзарби ҳам. Шулардан бири “Ўз уйингни ўзинг асра!” дея ҳар қадамда огоҳлантиради. Бу ёзувни шаҳарнинг кўп қаватли турар-жой бинолари, олий ўқув юртлари ва мактаблар деворларида кўриш мумкин. Қишлоқ жойларда эса пахса деворларга ёзишнинг иложи йўқ, лекин ҳар бир қишлоқнинг кириш йўлига қўйилган шлагбаум, яъни “йўлтўсар” бу шиорни ёдга солиб туради. Азалдан меҳмондўст дея таърифланган ўзбеклар қишлоққа, маҳаллага кирган ҳар бир бегона кишига ёвқараш қилиб, жуда бўлмаганда бу одамнинг қаерга, қандай мақсад билан келаётганини аниқлашга уринади. Бугун “Ўзбекистоннинг ютуқларини кўролмасдан турли иғволар уюштиришга шай ғаламислар” ҳар қадамда ғиж-ғиж бўлган даврда бундай ҳушёрлик фойдадан холи эмаслиги ҳам эътироф этилади. Лекин катталар ана шу ғанимларнинг ташқи кўриниши ҳақида бироз тасаввурга эга бўлиб (изчил мафкура маҳсули), маҳалласини кимдан ҳимоя қилишни билиши мумкиндир. Қўшиқда куйланганидек, “олисдаги олчоқ” ғанимлар ҳақида тасаввури ҳали тўла шаклланмаган болалар эса маҳалласи ёки мактабини кимдан ҳимоя қилсин? Лекин дўппи бўлса, бош топилади, дейишади. Шу кунларда Тошкентнинг марказидаги икки қўшни мактаб “уруш ҳолатида”. Шу даражадаки, кичик синф ўқувчилари бошқа мактаб жойлашган маҳалла ёнидан ўтишга ҳам қўрқиб қолган. Ҳаммаси 5-синфдаги бир ўқувчи қўшни мактабдаги ўзи тенги бола билан жанжаллашиб қолганидан бошланган. Калтак еган бола ярим соат ичида элликка яқин тасма ва таёқлар билан қуролланган иккинчи мактабнинг юқори синф ўқувчиларини бошлаб келган. “Қамалда” қолган мактабнинг кичик синф ўқувчиларидан бирининг айтишича, улар икки соатгача мактаб биносидан ташқари чиқа олмай турган, чунки юқори синф ўқувчилари бу пайт мактабда бўлмаган. Орқа деворидан ошиб ўтган чопарлар дарс вақтини компютер ўйинхонасида ўтказаётган 8-синф, амалий машғулотини қаердадир кўча тозалаш билан ўтказаётган 9-синф ўқувчиларини ёрдамга чақирган. Икки томон жангга ҳозир бўлган пайт баъзи ўқитувчилар юрак ютиб ташқарига чиққан ва болаларни тарқалиш ёки бу ердан узоқроқ кетишга кўндирган. Болалар оломони шу яқин-атрофдаги истироҳат боғининг хилват гўшасига йўл олган. Лекин боғда ўтаётган қандайдир расмий тадбир қатнашчиларини ҳимоя қилаётган милиционерлар халқаси болаларни бу ерга киритмаган. “Бошқа жойга бориб урушинглар, бу ерга ҳозир катталар келади", деган милиционерлар ҳукумат вакилларини назарда тутиб. Жанг майдони топа олмаган болалар оломони торроқ кўчада ҳар икки мактабдан биттадан энг кучли болани уриштирган, сўнг бундан ҳам кўнгли тўлмай каттароқ жангни бошқа кунга қолдиришган. Бояги ўқувчининг айтишича, жангга бориш мажбурий экан, чунки ўз мактаби “обрўсини” ҳимоя қила олмаган бола эртага бу мактабда бош кўтариб юриши қийин бўлар экан. Бу каби безорилик кўринишини оддий ва ҳамиша мавжуд бўлган ҳол дея эътибор бермаслик ҳам мумкин. Бироқ тўқсонинчи йиллар ўртасига келиб деярли камайиб кетган бундай оммавий безорилик, ўзаро муносабатларни мушт билан ойдинлаштириш ҳоллари кейинги пайтда яна бош кўтараётгандек. Баъзи кишилар эса бугун маҳалласи ва мактаби шаънини мардларча ҳимоя қилган бола эртага улғайгач, мамлакатини ҳам шундай ҳимоя қилишини айтади. Бошқалари эса болалар мактаб ва маҳалла шаънини ўқиш ва спортда ҳимоя қилсин, бунинг эса турган-битгани муштумзўрлик-ку, дейди. Яна ким билсин, мактабни ўз уйидек кўришга даъват қилинган ўқувчи ҳар куни эрталаб девордаги “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган шиорни ўқиганда хаёлига нималар келади, бола-болада?!
|