Бундан бироз муқаддам Ўзбекистон телерадиокомпанияси ТВ-Марказ канали орқали беармон эфирга берилган Гугуша (Гулнора Каримова)нинг "Мени эсла..." қўшиғи матни таниқли мухолифатчи, «Бирлик»чи шоир Ёдгор Обид қаламига мансублигини кўпчилик билмаса керак. Мазкур қўшиқ илк бор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова томонидан ижро этилиб, режиссёр Али Ҳамроевнинг "Водиллик келин" кинофильмига ҳам тушган. Лирик, ўйноқи оҳангдаги мазкур сатрлар президент қизи тилида бироз жозибасини йўқотгандек бўлди. Гарчанд, маҳаллий ТВ хитпарадлар мазкур ижрони ойнинг, йилнинг энг сара ашуласига чиқарган бўлса-да. Гулнора ижросидаги оҳангда бирмунча дағаллик, овознинг ўта пастлиги, овоз кўтариш техникаларидан ҳаддан ташқари ортиқча фойдаланганлик сезилиб қолган. Бироқ замонавий клипмейкерлик ютуқлари билан безатилган қўшиқ клипида ўзига хослик бор. Клипда қимматбахо бриллиант ва дурлар билан оро берилган Гулнора ярим яланғоч баданини оҳиста силайди. Саҳна узра эсаётган оҳиста шабада хонимнинг бўялган сочларини ўйнайди. ТВ-Марказ анъанасига кўра, қўшиқ айтилаётганда хонанда исми-шарифи, қўшиқ номи титрда пайдо бўлади. Аслида, бундай ҳолатда қўшиқ муаллифнинг номи ҳам кўрсатилиши керак, аммо кўрсатилмайди. Эхтимол, ТВ-Марказ мутасаддилари мазкур сатрлар муаллифи Каримов режимига исён қилган ҳурриятпарвар Ёдгор Обидлигини билмас. У ҳолда нечун муаллиф исми беркитилди, унга берилиши керак бўлган гонарарни ҳам Гулноранинг чўнтагида қолдириш учун эмасми?
|