Швецияда Ўзбекистоннинг мухолифатдаги “Эрк” партияси бўлими очилди, дея хабар қилади Uznews.net. Янги бўлим “Эрк” партиясининг Швецияга кетишга мажбур бўлган аъзоларини бирлаштириб, ўз сафларига янги “эркчиларни” жалб қилди. Партиянинг Швециядаги бўлимига ўзбекистонлик қочқин Флора Горохова раҳбарлик қилади. Унинг сўзларига кўра, Швецияда партиянинг ҳамфикрлари кўп. Улар асосан ўзбек расмийлари томонидан таъқиб қилиниш натижасида бу мамлакатга келиб қолган фуқаролардир. “Бизнинг вазифамиз ўз ватанини демократик, диктатурадан озод мамлакат сифатида кўришни истаган юртдошларимизни бирлаштиришдан иборат”, - дейди Флора Горохова. «Эрк» партиси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг сўзларига қараганда, янги бўлимнинг очилиши ва партия аъзолари сонининг кўпайиши кўплаб одамларнинг ушбу партия ғояларини қўллаб-қувватлашидан ва ҳатто энг оғир дамларда ҳам партия аъзолигига киришга тайёр эканидан дарак беради. Партиянинг Швециядаги бўлимининг таъсис йиғилишида “эркчилар” 2007 йилда бўладиган Ўзбекистон президентлигига сайловларда иштирок этиш учун Муҳаммад Солиҳнинг номзодини кўрсатишди.
|