Ўрхон Памуқ Нобел мукофоти соҳиби Ўрхон Памуқ асарлари қирқдан зиёд тилга таржима қилинган 2006 йилги адабиёт соҳасидаги халқаро Нобел мукофоти турк ёзувчиси Ўрхон Памуққа берилган. Беш роман ва кўплаб асарлар муаллифи Ўрхон Памуқ Туркиянинг энг машҳур ёзувчиларидан биридир. 54 ёшли Ўрхон Памуқ ўз асарларида зиддиятли муаммоларни қаламга олгани билан танилган, бироқ ўзининг ватани - Туркияда маҳкама даъвоси билан юзма-юз келган ижодкордир. "Ўрхон Памуқ ўзининг жонажон шаҳрида хафақон кўнгилни қидираркан, маданиятлар тўқнашуви ва уйғунлигининг янги рамзларини кашф қилган", дейилади Нобел мукофотини топшириш тўғрисидаги Швеция Академияси қарорида. "Катта бўлиб боришим баробарида оила муҳити анъанавий Усмонли турк оиласиникидан тобора ғарбона ҳаёт тарзига ўзгариб борганини ҳис қилдим, дейди Ўрхон Памуқ". "Бу ҳақда у ўзининг оилавий йилнома саналган биринчи романида ёзган. Томас Манн руҳидаги романда уч авлод умргузаронлиги ҳақида ҳикоя қилинади", деб ёзади Швеция Академияси. Ўрхон Памуқнинг дастлабки романи "Оқ қаср" уни дунёга машҳур қилган. Роман воқеалари XVII асрда Истамбулда кечади, бироқ асар тарих ва тўқима инсоннинг ўз-ўзини идрок қилишига нақадар таъсир кўрсатиши ҳақида ҳамдир. Ёзувчи "Менинг исмим Қирмизи" ва "Қор" романларида ҳам ўтмиш ва бугун, Шарқ ва Ғарб, диний ва дунёвий жамият муаммолари мавзуларини қамраб олади. Ўрхон Памуқнинг асарлари қирқдан зиёд тилга таржима қилинган. Ўрхон Памуқ бир неча маротаба сиёсий можаролар марказида қолган. Туркияда ёзувчига нисбатан Биринчи жаҳон урушида арманларнинг ўлдирилиши мавзуси талқини учун жиноят иши очилган. Бу йилги адабиёт соҳасидаги Нобел мукофотига ким муносиблиги борасида турли тахминлар билдирилганди. Адабиётшунослар Ўрхон Памуқдан ташқари америкалик Филипп Росс, исроиллик ёзувчи Амос Оз, суриялик шоир Адонис, полшалик журналист Ришар Капушчинский номларини тилга олгандилар
|