Бола ўғриси қўлга тушди Меҳрибон Ўзбек-қозоқ чегарасида Ўзбекистон фуқароси одам ўғирлашда гумон қилиниб қўлга олинди. Маълум бўлишича, ўзбекистонлик аёл Қозоғистондан уч ёшли қизчани ўғирлаб кетаётган пайтда ушланган. Чимкентдан ўғирланган уч ёшли қозоқ қизчаси Ойбутани топиш учун полиция 9 кун вақт сарфлади. Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти матбуот хизмати бошлиғи Салтанат Қоракўзованинг айтишича, Ойбутанинг ота-онаси уйларида ижарада яшаган ўзбекистонлик аёлни қизчани ўғирлашда гумон қилиб, полицияга мурожаат этган. Бу аёл ўзбек-қозоқ чегараси яқинидаги Чернявка овулида қўлга олинган. Маълум бўлишича, аёл ўғирланган қизалоқни “Жибек жоли” чегара пости орқали Ўзбекистонга олиб ўтишга икки марта ҳаракат қилган. Бироқ бу уринишлар натижа бермаган. Шунингдек, аёл қизалоқ билан бирга 9 кун давомида Остона, Олмаота ва Тараз шаҳарларида яшиниб юрган. Тергов жараёнида аниқланишича, 1981 йилда туғилган нукуслик аёл Чимкентга иш излаб келган. У Қозоғистонга ноқонуний равишда ўтиб, Чимкентдаги ёш оилалардан бирида ижарада турган ва орадан маълум вақт ўтгач, уларнинг қизини ўғирлаб қочган. Айни пайтда бола ўғриси устидан жиноят иши очилган.
|