Пт, 2024.11.15, 09.33
SITE LOGO

 

Меню сайта
Разделы новостей
Habarlar
Maktublar
She'rlar
Hikoyalar
Latifalar
Maqolalar
Kim? qachon? Qaerda?
G'oya mualiifi Maryamjon Bobojonova
Календарь новостей
«  Сентябрь 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930
Поиск
Друзья сайта
Статистика
Наш опрос

Sevib qolish uchun qayer qulay?

[ Natija · Arkhiv ]

Javoblar: 91
Главная » 2006 » Сентябрь » 30 » Obid Asomov UZ TV dan chetlashtirildi
Obid Asomov UZ TV dan chetlashtirildi
08.36
Obid Asomov UZ TVdan chetlashtirildi. Bunga aniq sabablar aytilmajapti. Obid Asomovning Gulnora va uning otasini mazah qiluvchi latifalar aytgani bunga sabab bo'lishi mumkin. Boshqa sabab esa Obid Asonov UZ TVdagi PORAXORLARga DOLYA bermagan
Исми-шарифи: Обид Асомов
Туғилган санаси: 1963 йил 22 октябр
Туғилган жойи: Тошкент шаҳри
Маълумоти: Тошкент театр ва рассомчилик институти
китоб графикаси факультети
Иш жойи: Ички ишлар Вазирлиги қошидаги ансамбль
Фарзандлари: Дилором - 16 ёш, Наргиза - 14 ёш,
Одилхон - 8 ёш, Нозима - 7 ёш
Турмуш ўртоғи: Дилфуза Асомова, уй бeкаси

Ўзи ҳақида ўзи ҳазил-мутойиба қилоладиган инсон - ҳурматга сазовор. Очиғини айтинг, ахир сиз аксарият ҳолларда ҳазилатомуз гапларга ҳафа буласиз-ку?! Обид ака эса ҳамма нарсани ҳазилга йўяди...аммо ҳаётда ўта жиддий. Мана шундай қизиқарли тарзда ҳазил ва жиддийлик "ўзбекнинг Луи де Фюнесида" қоришиб кетган. ўзи эса турган-битгани - трагикомизм. Ўта истеъдодли, ўта жиддий, ўта заҳарҳанда, ўта ақлли, ўта маданиятли...буларнинг бари Обид Асомовда мужассам...ваҳоланки уни катта бир оламнинг кичкинагина ҳазилкаши деб атаса бўлади.

Меҳнат дафтарчасида қайд қилинмайдиган антиқа касб эгаси сўз устаси бўлиш учун қайси мактабни ўтаб, қайси китобларни ўқиш керак?

Саволингизга ўзингиз жавоб бердингиз - бу нарсага ўқитадиган жой йўқ, бу нарса илоҳий қудрат эканлигига ишонаман. Агар Тошкент театр ва рассомчилик институтини битирганларнинг ҳаммаси сўз устаси бўлганда, Ўзбекистонда қизиқчи тошиб кетарди. Тўғри алоҳида эстрада факультети бор, аммо у ерни битирганларнинг кўпи ашулачи бўлади. Буни фақат Худо юктирсагина, шуғулланиш мумкин. Менга ҳам кўплар айтади, нимага шогирдларингиз кам деб. Уларни кўпайтириб бўлмайди, чунки таги йўқ-да! Ўзи вақти-соати келиб, янгилар етишиб чиқса керак давр тақозоси билан. (кулиб) Қизиқчи етмай колганда қаердандир Худони ўзи етказиб қолар. Мен ҳам қизиқчи бўламан деб ҳечам ҳаёл қилмагандим. Умуман бу соҳадан нарироқ юрган одам эдим. (кулимсираб) Ўзи мен соқов касб эгаси - рассом эдим. Рассомчилик билан қизиқчилик бир-бирига бутунлай тескари бўлган касблар. Рассом жим ўтириб, фақатгина ишини қилиш керак, у гапириши керак эмас, аммо ҳалигача рассомчиликка ишқибозчилигим бор. (уф тортиб) Лекин ҳозирги касбим бошқа томонга тортиб кетди, демак, бир нима бор экан-да! (афсуслангандай) Москвадаги Суриков институтига кирмоқчи бўлганимда, "агар киролсам, йиғиштираман бу карам-шўрвани, ақлни ишлатиб, сочларни қўйиб, соқолларни ўстириб, рассом бўламан" дегандим. Агар киролмасам, "майли, шу касбда қоламан" дегандим. Айтганимдай бўлди, киролмадим. Ҳалигача ақлим етмайди, бу яхшиликками ёки ёмонликками?

Ҳақикий ҳазил аччиқ ҳақиқатдан яралади дейишади. Чинданам шундайми?

Ҳақиқатдан шунақа! Чин ҳақиқат! Кўп ҳазилнинг тагини ковласангиз аччиқ ҳақиқат чиқади. Мен куни-кеча Юлдуз Усмонова концертида бир-иккита гап гапирдим, ақлли ҳам эмас, жуда кулгили ҳам эмас, бор-йўғи ҳаётдан олинган гаплар. Ўзимни асабимга тегадиган гап гапирувдим, (ҳайратланиб) қаранг, халқ мазза қилиб куляпти. Демак, ўша аччиқ ҳақиқатни гапирадиган одам ҳам керак экан-да!

Сир эмас-ки, бизни сўз усталаримиз бачкана ҳазилларни ҳам ишлатадилар. Наҳотки сифатли ҳазил-мутойибага мурожаат этиш қийин бўлса?

Йўқ, бу ҳол фақат бизларда эмас, балки бутун дунёда кузатилади. Бизларда янаям маданий шаклда айтишади. Касбим бўлгани учун Россия ва хориж теледастурларини кўриб-кузатаман. Энди уларда шунақаям бачкана, куракда турмайдиган ҳазиллар бўладики, бу жиҳатдан бизларникилар анча қолипда гапиради. Лекин латифа, ўша анекдот деймизми, у ҳам қай бир жиҳатдан қатнашиб туриш керак. Буни кимга қанақа дейдилар, русларда "на любителя" деган ибора бор. Еқмаган одам буни эшитмаслиги мумкин. Тўғри, шахсан мен аскиячиларни катта саҳнадан туриб аския қилишларига қаршиман. Аския - бу фақат эркаклар учун яратилган нарса. Мен бу гапни аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, фақат ҳеч ким қулоқ солмайди-да! Эркакларни ўзи чойхонада, базмда, тўйда оғзига келган гапни гапириб аския қилиб ўтиришлари мумкин. (ҳаяжонланиб) Бу ерда цензура йўқ! Энди тасаввур қилинг, ўша аскияни оммавий қилиб бутун Ўзбекистонга, 26 миллионга одамга кўрсатилса, ахир аёллар, қизлар бор. Мени масалан учта қизим бор, улар катта бўлиб колган ва нотўғри тушуниши мумкин, чунки аскияда нутқ маданияти жудаям камайиб кетган, кечирасизлар-ку, аскиячиларимиз фақат онасидан сўкиши қолди, колган ҳамма гапни айтиб бўлишди ҳисоб.

Бу жиҳатдан қизиқчилар анча берида. Кўпинча одамлар аскиячилар билан қизиқчиларни адаштиришади, (қатъият билан) Бу нотўғри! Гарчи иккаласини мақсади бир - одамларни кулдириш бўлсаям, аскиячилик эркакларга мўлжалланган. Дарвоқе, аввалари аёлларда ҳам худди шунга ўҳшаш чиштон бўлган, аёллар ўзаро ўтиришганда аскияни шеърга ўҳшатиб айтишув қилишган.

Бачканаликка келсак, (ўйланиб) ҳаётда учрайдиган қайсидир жиҳатларни очиқчасига гапириш керак. Ҳадеб беркитаверса ҳам бўлмайди. Ўзи одамзод бир нарсага тўймагунча ўша нарсага талпинаверади, охир-оқибат, тўйгандан кейин зерикади ва аҳамият бермай қўяди.

Авваллари Мирзабек Ҳолмедов баъзи нарсалар ҳақида очиқчасига гапирганда, "вой Мирза мана шунақа гапирворди-я" деб ажабланишган. Ана ўша нарсалар ҳам одамларни жонига тегди. Охир-оқибат одамлар бачканаликдан ҳам тўяди. Инсон табиати шундай!

Ўта анъанавий савол, аммо жавоби кўпчиликни бефарқ қолдирмаса керак. Саҳнадаги эмас, балки ҳаётдаги Обид Асомов қандай яшайди? Оддий куни нималардан иборат?

Ҳаётдаги Обид Асомов, ўзини фикрича жудаям жиддий одам. Болаларига ота, хотинига эр, онасига ўғил, шу вазифаларни қўлидан келганича баҳоли-қудрат бажариб юрибди.

Одатий нарсаларга келсак, кечқурун ухлашим жуда қийин. Соат уч-тўртгача албатта телевизор кўришим керак, билмайман, бу касалликми ёки кўникмами, шу даражада телевизорга ўрганиб колганман (кулимсираб) худди мен кўрмасам дунёнинг ишлари тўхтаб коладигандай. Бор дастурларни кўриб чиқишга ҳаракат қиламан. Тасаввур қилинг, етти юзтага яқин телеканал. Битта-биттадан ҳамма мамлакатларни титиб чиқишим керак, мана шунақа қилиб эрталабгача ўтираман.

Эрталаб туриб ҳовлига қарайман. Пальмаларим бор, тўтиларим бор, ўшаларга ҳам қарайман. Рузғор ташвишлари, бозорга чиқиб тураман. Ёнимиздаги саккизта аёл ишлайдиган кичкинагина бозорчада бозоримни қиламан.

Энг даҳшатлиси (кулиб) эрталаб кўзни очишим билан хотин гапни пулдан бошлайди. Шу билан кечгача пул, пул. Мана шунақасига кун ҳам ўтади. Ўта анъанавий, ҳар бир ўзбек оиласидагидай.

Аксарият ҳазилларингизнинг асосий қаҳрамонлари аёллар. Аёлларнинг қай бир жиҳатлари Сиз учун ёқимли ва қай бири ёқимсиз?

Аёлларни қайси жиҳатлари ёқмайди? Бу мени шахсий фикрим. Ҳозирги замонда аёлларнинг эркаклашиб кетаётгани ёқмайди. Бу нарсани мен жуда ёмон кўраман! Билмадим, балки биз шунақа тарбия кўрганимиз учунми. (ўйланиб) Бизни онамиз отамизга ҳамиша тобе бўлиб келганлар. Отамиз ўлиб кетган бўлсалар ҳам, онамиз ҳалиям уларга тобелар. Менимча, киз болада ҳаё, ибо, ор, номус, уят деган нарсалар бўлиши керак. (ачиниб) Кўчада ўн-ўн бешта талаба қиз сақич чайнаб туриб "қалайсан, Обид?" деб гап отиб қолишади. Даҳшатга тушиб, "Ужас!" дейману, ўтиб кетаман. Худодан сўрайман-ки, мени қизларим шунақа бўлмасин. Уларни тўғри тарбия қилишга ҳаракат қиламан. (кулимсираб) Аваллари йигитлар қизларга гап отарди, ҳозир эса ҳаёт тескарисига айланганми, билмадим. Мана шу жиҳатлар менга ёқмайди.

Еқадигани эса, менимча, аёл кишини асосий вазифаси эрни ҳурмат қилиш, уни вақтида едириб-ичириб, бошини силаб турса, бўлди. Биласизми, биз артистларни турмуш тарзи шундай-ки, уйга соат нечада келишимиздан қатъий назар иссиқ овкат бўлиши керак. Шахсан менда шундай. Энди тасодифий мехмонларни келиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Хотин ҳар доим шунга тайёр туриши керак. Уйда ҳамма нарса тахт бўлиши керак. Даб-дурустдан кўчадан тўртта бекорчини етаклаб келишим ҳам бу оддий нарса. Шунинг учун хотин деган энсасини қотирмай, "уф кечаси ким келди" демай, кулиб туриб кутиб олса олам гулистон. Мен аёлларни мана шу жиҳатларини ёқтираман.

Сиз юқорида айтиб ўтган қай бир ёқимли ёки ёқимсиз жиҳатлар аёлингизга хос?

(ҳандон отиб кулади) Биринчидан, ўзим идеал эр эмасман. Иккинчидан, очиғини айтиш керак, идеал аёлга уйланмаганман. Менимча дунёда унақа идеал аёл бўлмаса ҳам керак.

Аёлларни эрталабдан "пул беринг" дейиши жудаям ёқмайди. Ўзи энг ёмон кўрганим ҳам шу, шуни сал кечроқ сўраса бўлади-ку. Кўзимни очишим билан "адаси пул беринг" деса, шунақа жаҳлим чиқиб кетади-ки, гўёки мен бу уйда эр сифатида эмас, балки "Ўзбек миллий банки"нинг кичкинагина бир вакилига ўҳшайман.

Еқадиган жиҳатларидан - меҳмон кутишлари менга ёқади. (ўйланиб) Тўғри келмайдиган жиҳатлари ҳам кўп. Мен неча йил яшадим, тарбиялай олмадим. Агар аёлни қонида бўлмаса бир йўлга солиш жуда қийин масала экан.

Чиқишларингизда яна бир мавзу асосийлардан ҳисобланади. Бу - шоу-бизнес ва унинг вакиллари. Кескин гапларингиздан поп-мусиқа анча асабингизга тегиши сезилиб туради.

Шоу-бизнесда менга ёқмайдиган нарсалар кўп, аммо мен гапирганим билан барибир яхши бўлиб қолмайди. Ашулачилар "Обид Асомов танқид килди, энди мана шу қўшиқда сўзимни тузатаман" демайди. Шуни биламан. Кейин, асабимга текканини гапирсам, халқка ҳам ёқади шекилли. Бўлмаса халқ кулармиди? Масалан, бир бола телевизорга чиқиб ашула айтаяпти, айтмайман дейман-у, чидолмайман, тил ёмон-да. Асабга теккани учун гапиришга мажбур бўламан. Ашулани қаранг: "Тўйинг куни тўйиб йиғладим", ўзи эса ўйнаяпти.

(ажабланиб) Мантиқ кани? Яхши кўрган кизи бошқасига тегса-ю, у бечора тўйиб йиғлабди. Ҳа, йиғлаган одам шунақа шўх ашулани ўйнаб айтадими? Тунов куни Самандарга: "Сен айтаётган ашулангни ўзинг тушунасанми?" десам, бола кулади. Ажи-бужи гапларингга "эники-беники судо-камо, афель-дафель домино" деган тушунарсиз сўзларни ҳам қўшиб юборақол, барибир ҳеч нарсани тушуниб бўлмайди" дедим. "Гамаржуба" - шу ҳам ашула бўлди-ю! Орасига "Чори-чамбар, бери амбар"ни ҳам қўшиб юборса, ҳарна тўрт қатор шеър бўлади. Энг кизиғи, мени болаларим шуни мазза қилиб эшитади ва мен уларга эшитмагин деёлмайман. Улар эса шуни эшитиб тарбия топади.

Билмадим, балки бизни нотўғри тарбия қилишгандир? Доимо Камолиддин Раҳимовни қўшиқларини эшитардим. Ёшлигимизда Навоий, Машраб, Фузулий, Чустий, Ҳабибийларни ғазалларини тинглаб катта бўлганмиз. Ўйлайманки, ҳозирги ашулачиларга шоир йўқ. Боридан фақат Иброҳим Жиянов, Бобур Бобомурод, Шаҳноз бор. Абдулла Орипов энди шеър ёзмайди, Эркин Вохидов эса Сенатда ўтиришдан бўшамайди. Шаҳноз эса шоирликдан қўшиқчиликка ўтиб кетди: "ҳеч бўлмаса чанг бўлиб қўнсам қанийди", (ҳайрон оҳангда) мантиқ қани энди? Ахир чангни қоқса, учиб кетади-ку! "Таралгай мушк ила амбар, кўчамдан жонон ўтганда қаерда-ю, елкага чанг бўлиб қўниш қаерда?"

Ўзи бизларда, ўзбекларда, нутқ чиройли, тил ширин. Билмадим, нимага бунақа шеърлар яратилаяпти? Охир-оқибат ўзимга-ўзим "сенга нима, сен нимага куйиб-пишасан, ахир ашулачи эмассан-ку" дейман.

Унданам даҳшатлиси, туркча ёки арабча қўшиқларни шартта сўзларини олиб ташлаб тўрт қатор ўзбекча шеърни урворишади, қўрқмасдан. Ахир бунинг учун қандай бет керак!

Ваҳоланки ўзингиз ҳам шоу-бизнес дея аталмиш қозонда қайнаб келасиз. Мана шу қозондаги таом ҳақида қизиқчи Обид Асомовнинг ҳазилатомуз фикр-мулоҳазаларини эшитса бўладими?

Аваллари ашулачига Худодан берилган овоз керак бўларди. Ҳозирги даврда эса шоу-бизнес бу каттагина индустрия, (кулиб) мисоли бир завод. Худди шарбат ёки пайпоқ чиқарадиган фабрикага ўҳшаган ишлаб чиқариш корхонаси. Бекорга Москвадагилар "Фабрика звёзд" деб ном қўйишмаган. Тўғри, ҳозир истаган одамингизни "звезда" қилиш мумкин, (қатъият билан) фақат кулгу соҳасида эмас, чунки бу соҳа учун калла керак!

Ҳозир ашулачи бўлиш учун ашула айтиш шарт эмас. Ашулачилик учун пул ва яхши спонсор бўлиш керак. Агар шу нарса бўлса, студияга кириб оддий сўз қилиб айтасиз, сизга эса тайёр ашула қилиб чиқариб беришади: қинғир-қийшик қилиб айтиб берсангиз тўғирлаб беришади, керак бўлса тагига яхши мусиқа ҳам қўйиб беришади. Бўлди! Шу билан шоу-бизнеснинг ёрқин вакилига айланасиз.

Инсон қанчалар машхур бўлса у ҳақидаги бўлар-бўлмас гаплар ҳам авжига чиқаверади. Сизни шахсий тажрибангизда ҳам бу нарса синалгандир?

Бу табиий ҳол. Бир ҳисобда бу нарсани бўлгани ҳам яхши, чунки гап-сўз санъаткорга зарар қилмайди. Биласизми, чет элларда атайин гап-сўз тарқатишади. Айтайлик, мен учун Алла Пугачёвани Филипп Киркоровга турмушга чиққани - абсурд. Бу нарса фақатгина Алла Борисовнани рейтингини ушлаб қолди, Киркоровни ҳам обрўсини оширди. Санъаткорга шов-шув керак, у нарсасиз тинчиб қолса ҳам бўлмайди. Бу ҳам шоу-бизнесни бир қонун-коидаси.

Ўзим ҳақимда эса аваллари жуда кўп миш-мишлар бўлган. "Обидни иккита-учта хотини бор экан" деб. Қарашса, давомида янгилик йўқ: биринчи хотини иккинчиси ҳақида билади, иккинчиси биринчиси ҳақида билади, ўз-ўзидан гаплар тинчиб кетди. Одамлар мен ҳақимда гапиришга зерикишди. Бир "Юлдуз билан юраркан" деб ҳам кўришди, аммо бу ҳам нотўғри экан. Охирги пайт мен ҳақимда яхлит, зўр миш-мишлар чиқмай қўйди. (кулади) Афсус, мазза қилардим.

Ижодкор орзу қила оладиган нарсаларнинг барига эришдингиз, яна нима ҳақида орзу қилишингиз мумкинлигини тасаввур этиш мушкул.

Владимир Висоцкий "Лучше гор бывают только горы" деган гапини жудаям яхши кўраман. Икки йилча Обид-шоу телекўрсатувини қилдим, жуда яхши даражага чиқди. Тўғрисини айтсам, зерикдим, чарчадим, миннатдорчилик йўқ-да! Халқ мазза қиляпти, моддий тарафдан бир сўм фойда йўқ. Телевидение арзимаган бир-икки минг сўм тўлайди, мен эса ҳар бир кўрсатувга эллик-олтмиш минг сўм сарфлашим керак эди. Тўғрисини айтиш керак! Обид Асомов Чорвоққа чиқадиган артистларнинг ва телевидениенинг машинасига бензин олиб бериш керак, пешинда овқатини тайёр қилиб бериши керак, оромгоҳ билан ўзи келишиши керак, чунки Обид Асомов номидаги кўрсатув. Икки йил шундай қилдим, чарчадим. Шу билан телефаолиятим тугади. Ўзимни бошқа нарсага ташладим, кино билан шуғулланиб кўрдим. Бир умр ният қилардим бош роль ўйнайман деб. Жаҳонгир Қосимовнинг "Дев билан Пакана" филмида бош ролни ўйнадим.

Кейин бошқа бир орзуим амалга ошди. Россия телеканалида чиқмоқчи эдим. Бошқалар чиқа олади, наҳотки бизлар чиқолмасак, деб ўйлардим. Худога шукур, "Аншлаг"да чиқдим. Евгений Петросян ўзини гуруҳига мени ҳам қўшди. Бир жиннилик қилиб ашула ҳам айтиб кўрдим, (кулиб) бу ҳам керак эди шекилли. Битта мен қолган эканман ашула айтмаган. Кимгадир ёқди шу ашула, Худони қудрати. Чимкентга борсам у ерда кунига ўн мартадан айлантиришар экан. Мен учун бу жуда қизиқ ҳол!

Драматик ролни ўйнаш ҳоҳиши туғилганди, уни ҳам ўйнадим. Аброр Ҳидоятов театрида "Қисмат" деган спектаклда ўттиз ёки қирқ марта ўйналди.

Чинданам кўп нарсага қўл урдим. Аммо ўзимга ёқсагина шу иш билан шуғулланишим мумкин. Ҳозирча мана шулар билан сал тинчиб турибман. (кулимсираб) Одамзод бир нарса қилиб туриш керак, бўлмаса бир жойда тўхтаб қолади.

Ҳозир зўр лойиҳа устида бош қотиряпман, балки ўҳшаб қолиши мумкин. Телевидениеда қизиқчи сифатида эмас, балки жуда жиддий йўналишда ток-шоу қилмоқчиман. Ўзимга ёққан одамларни чақириб суҳбат уюштирмоқчиман.

Мен учун бир нарса жуда муҳим мен қилаётган нарсалар одамларнинг меъдасига тегиб қолмаслиги керак!

Категория: Habarlar | Просмотров: 1938 | Добавил: Nodira | Рейтинг: 5.0/1 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]