Бунёд Бек Пахта терими: "оқ олтин"ни олтин қуллар яратади Ўтган йили Ўзбекистон кўп йиллар давомида илк бор пахтадан мўл ҳосил олгач, бу йил ҳам аввалги натижани такрорлашга аҳд қилганидан пахта терими мавсумини ўта юқори даражадаги тезкорлик ва уюшқоқлик билан ўтказишга киришган. Бироқ об-ҳаво ҳар йили ҳар хил келади... “Бу йил сув яхши бўлмади, пахта параш (сийрак демоқчи), фермерлар ҳам юрак ютиб турибди, режани бажармаса прокурорнинг қўлига тушишини билади,” дейди исмини айтишни хоҳламаган Фарғона водийсидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи. Унинг айтишича, собиқ шўро давридан қолган, ўқувчиларни ёппасига пахтага сафарбар қилиш анъанасининг фақат энг ёмон кўринишларини сақлаб қолган одатга биноан, коллеж ва мактаб ўқувчилари яна ҳокимият ва фермерлар ўртасидаги пахта можароси ёғида қовуриладиган кўринади. Унинг айтишича, булар мактаб директори, пахта теримида қатнашадиган ўқувчиларга масъул ўқитувчи ва ўқувчилар терган пахтани ҳисоблаб борувчи ўқитувчидир. “Мени мактабимиздан пахтага чиқиши керак бўлган 90 нафар ўқувчига масъул қилиб тайинлашди. Ҳозирча 8- ва 9-синф ўқувчиларини пахтага чиқарамиз, лекин кейинчалик ҳар йилгидек 5-синфгача сафарбар қилишга тўғри келади,” дейди у. Биринчи ва иккинчи теримдан кейин пахта сийраклашгач, ўқувчилардан бошқа ҳеч ким пахта даласига киришга рози бўлмайди, чунки иш унуми камайиб, катталар учун бу иш даромадсиз бўлиб қолади, дейди у. Ўқитувчиларнинг қўл телефони билан таъминлангани эса энди аввалгидек ҳар куни эрталаб ва кечқурун эмас, балки худонинг берган дақиқасида бошингда ёнғоқ чақилишини англатар экан. “Мен ўтган йили пахта теримига масъул бўлдим,” дейди иккинчи бир ўқитувчи. “Ҳар куни кечқурун болаларни даладан уйига жўнатиб, туман марказига мажлисга бориб ҳисоб берардим. Тунги соат 12гача чўзиладиган мажлисдан кейин уйга беш олти чақирим йўлни пиёда босиб келардим.” Бундан ташқари ўқувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш, ёки уни ундириб олиш ҳам муаммо. “Ўтган йили ўқувчилар терган 3 тонна пахта ҳақини фермердан ҳалигача ундириб ололганим йўқ, бу ёқда эса ота-оналар мендан норози,” дейди у. У фермерни судга бермоқчи бўлган, лекин одамлар уни бу йўлдан қайтарган, “нима қиласан, шундоқ ҳам фермерларнинг шўрига шўрва тўкилиб ётибди-ку”, деган. “Ўқувчиларимиз далада иссиқ овқат емайди, уйидан олиб келган нон ва мева-чева билан кунини ўтказади. Фермернинг ҳоли келса, фақат чой дамлаб беради, баъзилари эса фақат ўқитувчиларга иссиқ овқат қилиб беради,” дейди у. Унинг айтишича, бу йилги ҳосил чўғининг пастлиги ҳам ўқувчиларга қўшимча заҳмат, чунки улар режа бажарилмагунча партага қайтмайди. “Ишқилиб, ўқувчиларнинг бахтига фермерлар режасини бажариб олсинда,” дейди у хўрсиниб.
|