(Таниқли журналист ва истеъдодли рассом Шуҳрат Бобожоновга) Азиз дўстим Шуҳратжон! Олис Канададан туриб туғилган кунингиз муносабати билан Сизга ўзимнинг эзгу ният билан йўғрилган самимий қутловларимни йўллар эканман, бахт-саодат ва омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлиб қолишини орзу қиламан. Мен Сизни ўша – Горбачёвнинг “қайта қуриш” шабадалари билан бирга юртимизга кириб келган ошкоралик ва ҳур фикрлилик даврида “Бирлик”даги ҳамкорлигимиздан бўён яхши биламан. Ўтган бу йиллар давомида тақдир бизнинг биримизни ҳукумат ва яна биримизни мухолифат сафларига отиб, йўлларимизни айирди. Узоқ давом этган шу давр мобайнида мен амал ва имтиёзлар билан йўғрилган чиройли ва дабдабали ҳаётни истаган ожиз ва гуноҳкор кўнглимнинг шахсий орзу истаклари ва бахт –саодатини ўйлаб, Сиз эса эътиқодингиз буюрган ҳур фикрлилик ва ошкоралик, адолат ва диёнат, халқ бахт саодати ва озодлиги йўлида баҳоли қудрат ҳаракат қилдик. “Вақт - энг олий ҳакам” деган яхши бир гап бор. Ўтган бу бешафқат ва беаёв йиллар мен тўғри деб танлаган йўл – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва унинг сиёсати билан ҳамкорлик йўли – хато ва чалкаш, озодлик ва демократияни бостириш, халқ ҳақ ҳуқуқларини оёқ ости қилиш ва охир оқибатда уни қуллик ва хўрликка маҳкум этиш йўли экани маълум бўлди. Лекин Сиз шу ўтган йиллар давомида таъқиб ва тазйиқларга қарамай, ўз танлаган йўлингиздан қайтмай, иккиланмай, собит ирода билан бу режимга қарши дадил ҳаракат қилиб келдингиз. “Озодлик”даги муборак ва қудратли овозингиз озодлик ва демократияни соғинган Ватандошларингиз қалбига қанчалар қувонч ва умид уруғларини сочса, мен бир пайтлар сафларида бўлган ҳукумат мулозимлари кўнглида шунчалик қўрқув ва саросима солишини мен бугун Сизга баралла айтмоқчиман. Сиздек талантли ва жасоратли ходими билан «Озодлик” радиоси бугун ҳар қанча фахрланса арзийди. Тошкентдан келаётган хабарлар, вилоятлардан юборилаётган мактублар менинг бугун шундай дейишимга тўла ҳуқуқ беради! Шуҳратжон! Оилангиз ва фарзандларингиз, дўстларингиз бахтига доим омон бўлинг. Кейинги таваллуд кунларни Ватан озод бўлган ёруғ ва мунаввар кунларда нишонлашни Оллоҳ насиб айлаган бўлсин, илоҳим! Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан Исмат Хушев.
|